Сурхондарё вилоят ИИБ нинг тарихи

1924 йилда Ўзбекистон шўролар социалистик республикаси ташкил топгач, Бухоро халқ республикаси унинг таркибига кирган. 1925 йилнинг 29 январига келиб Бухоро халқ республикаси таркибидаги Сурхон музофоти (округи) ўрнида алоҳида вилоят ташкил этилиб, шу санадан эътиборан Шерободда халқ милициясига асос солинган. Шу пайтда асосий оғирлик 193 нафар отлиқ милиционерлар зиммасига тушган.

Вилоят ҳудудининг турли жуғрофий сарҳадлардан иборатлиги асосий оғирлик бўлиб, бир томони Бойсун тоғлари, бошқа томонда Афғонистон билан туташ чегара, Тожикистон, Туркманистон ҳудудларига тақалган сарҳадлардир. Буларнинг ҳаммасига улгуриш ўша вақтдаги кам сонли халқ милициясининг фаолиятини ниҳоятда қийинлаштирган.

1925 йилнинг август ойидан бошлаб, ана шундай мураккаб вазифани вилоятнинг айрим туманларида янгидан ташкил этилган ички ишлар бўлимлари ўз зиммасига олган. Айни пайтда бир қатор туманларда янги иш ўринлари (штат бирликлари) жорий этилиб, бўлинмалар ташкил қилинган. Бу бўлинмаларда 20-30 кишилик суворий милиционерлар фаолият кўрсатган.

Жумладан, Термиздаги бўлинмага Абдулло Мақсудов, Шерободда Қиём Хўжаев, Юрчида Ғулом Шамгунов, Бойсундаги бўлинмада эса Алишер Ражабов-лар бошчилик қилган. Вилоят милициясининг сиёсий ташкилотчилиги эса Яков Кучимазов зиммасига юклатилган.

Ўша даврда маҳаллий кадрларнинг ниҳоятда камлиги ва уларнинг касбий маҳоратлари етарлича эмаслиги ҳисобга олиниб, Тошкентдан ва бошқа минтақалардан кўплаб фидойи, тажрибали, мард ва жасур осойишталик посбонлари, чекистлар, махсус йўлланма билан вилоятга хизматни ўташ учун юборилган.

Ўша суронли йилларда комсомол йўлланмаси билан вилоят отлиқ милициясига кўплар қатори Йўлдош Бобожонов ҳам юборилган. Фидойи, толмас курашчи Йўлдош Бобожонов тез орада халқнинг ҳурматини қозонган. У бир қанча жиноий тўдаларни фош этиб, сафдошлари ва раҳбарларининг ҳурматига сазовор бўлган.

Ишчи-деҳқон милициясининг махсус топшириқлар бўйича вакили бўлиб фаолият кўрсатган Рахим Отажоновнинг ҳаёти ва хизмат йўли ҳам бугунги кунда ҳар бир милиционерга ўрнак бўла олади. Ушбу рўйхатни яна давом эттирадиган бўлсак, Чори Жумаев, Чори Оловуддинов, Чори Беркалиев, Сирожиддин Ахмедов, Григорий Яровой, Давид Ткачук, Мажид Исматуллаев, Иноят Кудяков каби фидойи ва жасур раҳбар ходимларнинг номларини ҳеч бир иккиланмай тилга олиш жоиздир.

1925 йилда умумбухоро Қурултойининг қарори билан Сурхондарё музофот (округ) милицияси бошлиғи бўлиб ишга келган Давронбек Бобожонов, унинг ўринбосарлари Келим Хўжаев ҳамда жиноят қидирув бўлимининг бошлиғи Иван Глусовлар маҳаллий халқ орасидан мард ва жасур йигитларни саралаб олиб, юзлаб шогирдлар тайёрлашган.

Шу ўринда Чори Беркалиевни номини алоҳида фахр билан эслаш жоиздир. Вилоятимизда ўша йилларнинг тили ва таъбири билан айтадиган бўлсак, янги ҳаёт душманларининг катта-катта тўдалари “фаолият кўрсатишар”, оддий халқнинг осойишталигига, тинчлигига рахна солиб, янги турмушга халақит беришга уринишарди. Улар бу йўлда ҳеч нарсадан тап тортишмасди. Бунга мисол қилиб, вилоят комсомол ячейкаларини мустаҳкамлаш, одамларни жамоа хўжаликларига жалб этиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини уюштириш учун марказдан юборилган Абдулла Набиев ана шу тўдаларнинг қўли билан ўлдирилган эди. Ушбу мудҳиш жиноятни фош этиш ва жиноий тўдаларни аниқлашда Чори Беркалиев бош бўлган бўлинма ходимлари томонидан босқинчи тўдалар қўлга олиниб, тегишлича жазоларини олишди.

Кейинчалик, янгича ҳаёт бунёдкорлари оёққа дадил туриб, хўжаликларни жамоалаштириш ишлари ҳам якунлангач, вилоят ички ишлар ходимлари ўз фаолиятларини тинч меҳнат ғалабаларини мустаҳкамлаш мақсадида дадил турдилар. Аммо кўп ўтмай инсоният тарихида унутилмас, мудҳиш из қолдирган иккинчи жаҳон уруши бошланди.

Мазкур урушда бевосита иштирок этиб ҳалок бўлган Сурхондарёлик марду-майдон минглаб ўғлонлар хотираси қалбимизда чуқур эҳтиром билан сақланади. Ҳозирда ҳаёт бўлганлари эса алоҳида иззат-икромда яшаб, кексалик гаштини сурмоқдалар.

Фашист босқинчиларини тор-мор қилишда Сурхондарёлик ички ишлар идоралари ходимлари ҳам алоҳида мардлик ва жасурлик намуналарини кўрсатганлар. Улар жумласига Жума Холлиев, Салом Жумаев, Рахмон Абдуллаев, Набижон Акбаров, Парда Омонтурдиев, Нурхон Абдуллаев, Василий Алексейевич Асачев, Жума Бекбоев, Шермурод Бибитов, Менглиқўзи Эргашев, Пётр Платович Звёздин, Ғафур Менглибоев, Юсуф Маматқулов, Хуррам Муртозаев, Хайдар Махмудов, Холиқ Мардонақулов, Эрон Наврўзов, Эшмўмин Нукаров, Нурмамат Норматов, Инсаф Нуриев, Дадақўзи Отақўзиев, Асл Расулов, Темур Равшанов, Ражабали Сатторов, Жума Суюндуков, Ғофур Тўрақулов, Мусурмонқул Тўраев, Эгамберди Хўжанов, Рўзи Шахаев, Роман Михайлович Якимов ва бошқалар киради.

Иккинчи жаҳон уруши тугагач, урушдан талафот кўрган халқ хўжалигини тиклаш ва уни ривожлантириш даврида ҳам вилоят ички ишлар идораларининг тегишли хизматлари хусусан, жиноят қидирув бўлими жиноятчиликни олдини олиш ва унга қарши курашишда катта ташкилотчилик вазифасини амалга оширди.

1946 йилнинг биринчи чорагида собиқ Иттифоқ (СССР) ИИХК қайта тузилиб, унинг ўрнига собиқ Иттифоқ ички ишлар ва давлат хавфсизлиги вазирликлари қайта ташкил этилди. ИИВнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси тузилиб, унга Б.Шарипов, давлат хавфсизлиги вазирлигининг (ДХВ) вилоят бошқармасига эса Ашуралиев бошлиқ этиб тайинланган.

Халқ хўжалигини тиклаш ва ривожлантириш даврида милиция ходимлари қишлоқ хўжалиги тармоқларида ўтказиладиган тадбирларга (компанияларга) ҳам жалб этиб келинган. Шу ўринда вилоят ижроия қўмитасининг 1947 йилнинг 20 февралдаги “1947 йилда Сурхондарё вилояти районларида қўй ва эчкилардан тўл олиш ва қўзиларни наслларга ажратиш тўғрисида”ги қарори диққатга моликдир. Бунда вилоят милиция бошлиғи Л.И.Массоверга район милиция бўлимларининг оператив ходимларини мунтазам равишда тўл оладиган жойларга юбориб, молларнинг ўғирланишига (ўзлаштирилишига) қарши кураш олиб боришни ташкиллаштиришни таъминлаш вазифаси юклатилган. 1951 йилнинг 8 апрелида вилоят ижроия қўмитаси ўзининг қарори билан ИИВнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи О.Ражабовга тайёрлов вазирлигига қарашли тайёрлов базалари ва пунктларида ёнғинга қарши курашишнинг аҳволини текширишни уюштириб, у ерларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш топширилган.

1950-1955 йилларда Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида Кот, Хасанов, Леонид Ильич Массовер, Евдоким Кавиков, Александр Павлович Совицкий, Ойдин Ражабов, Хошим Қурбонов, Рахимжон Отажонов, Қосим Тўқсонов, Тилла Абдуллаев ва бошқалар хизмат қилишган.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 60 йилларнинг бошларидан бошлаб милиция идораларига дастлаб маҳаллий хотин-қизлардан ҳам офицерлик лавозимларига хизматга кела бошлаган. Биринчилар сафида Хуррамова Олмос Авазовна, Чориева Муқаддам, Арзиева Ўғилой ва бошқалар. Булар ички ишлар идораларида узоқ йиллар давомида халқни осойишталигини таъминлаш йўлида бенуқсон хизмат қилганлар.

Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми томонидан 1963 йил 27 апрелда “Ўзбекистон ССР жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” фармон чиқарилиб, унда жамоат тартибини сақлаш идораларининг терговчилари дастлабки тергов ишларини олиб борадиган жиноятлар турлари белгилаб қўйилган. Шунга биноан вилоятимиз ички ишлар бошқармаси тергов бўлими ташкил этилиб, унга бошлиқ этиб дастлаб ички хизмат подполковниги Георгий Александрович Брук тайинланган.

Собиқ партия Марказий комитетининг 1965 йил 25 августдаги қарори асосида милицияда сиёсий-тарбиявий ишлар билан шуғулланувчи хизматлар ташкил этилган. Юқорида қайд этилган қарорга мувофиқ олий маълумотли соф виждонли ҳуқуқшунослар турли ихтисосдаги комсомол ва партия

аъзолари йўлланма билан вилоят милициясига хизматга келишган. Улар Жўра Арниязов, Абрай Мусурмонқулов, Улаш Саимов, Рўзи Норқулов, Холли Жавлиев, Қамбар Мирзаев, Валиқул Каттаев, Мухаммад Бобоев, Тўхта Маматқулов, Рамазон Хайназаров, Норқул Нуралиев, Иброхим Бобожонов, Чори Қораев, Валижон Дадабоевлардир.

70 йилларнинг иккинчи ярими 80 йилларнинг бошларида вилоят милиция-сига ана шундай йўлланма билан хизматга келганлардан Абдулазиз Қўлдошев, Очил Мирзаевич Абдурасулов, Насрулла Назаров, Холмурод Қулматов, Мирзожон Бозоров, Холбўта Хусанович Эргашев, Мухаммади Ахмедов, Менгбой Бозоров, Қўлдош Чориев, Мадамин Хасанович Исоқовларни мисол тариқасида кўрсатиш мумкин.

Шу йилларда вилоятда ишлаб чиқариш корхоналарини сони кўпайди, халқ хўжалиги тубдан ривожлана бошлади, шунингдек аҳоли сони кескин кўпайди. Булар эса ички ишлар идоралари ходимларини сонини кўпайишига асосий сабаб бўлди. 1976 йилда вилоят ички ишлар идораларида 815 штат бирлиги қайд этилган бўлиб, 1985 йилда унинг сони 1653 тага кўпайган. Шундан бошлиқлар таркиби 441 тадан 768 тага, оддий сафдорлар таркиби 404 тадан 890 тага ошган. Шу даврдаги мавжуд штатлар сонига нисбатан хизматга қабул қилинган олий маълумотли ходимлар 1976 йил 19,3 фоиз (158 киши), ўрта-махсус маълумотли ходимлар 19,2 фоиз (157 киши) ва умумий ўрта маълумотли ходимлар 55,8 фоизни (455 киши) ташкил этган бўлса, 1985 йилда олий маълумотли ходимлар 27,6 фоиз (459 киши), ўрта-махсус маълумотлилар 20,1 фоиз (330 киши) ва умумий ўрта маълумотлилар 50,0 фоизни (829 киши) ташкил этган. Шу 10 йил давомида ички ишлар идораларига партия, комсомол ташкилотлари, касаба уюшмалари ва ўқув юртларининг йўлланмалари билан жами бўлиб 1579 киши, шулардан 430 нафари бошлиқлар таркиби, 1149 нафари сафдорлар таркиби лавозимларига қабул қилинган. Шуни таъкидлаш жоизки, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимларида хизмат қилган қуйидаги раҳбарларни номларини қайд этиш лозимдир: Жўра Эшмирзаев 1893 йилда Термиз шаҳрида туғилган, 1926 йилда вилоят округи милицияси бошлиғи лавозимига тайинланган. подполковник Александр Павлович Савицкий 1902 йилда РФда Калинин вилоятида туғилган, 1943-1945 йилларда ИИХК Сурхондарё вилояти бошқарма-сининг милиция бўйича ўринбосари (милиция бошлиғи) лавозимида хизмат қилган; майор Леонид Ильич Массовер 1902 йилда Украина Республикасида туғилган, 1945-1949 йилларда ИИХК Сурхондарё вилояти бошқармасининг бошлиғи лавозимида хизмат қилган; ички хизмат подполковниги Ойдин Ражабов 1910 йилда Шеробод туманида туғилган, 1950-1952 ва 1959-1960 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган. милиция полковниги Рахим Отажонов 1910 йилда Хива шаҳрида туғилган, 1952-1955 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. ички хизмат подполковниги Косим Тўхсонов 1912 йилда Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган, 1955-1959 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат

қилган. милиция генерал-майори Тилла Абдуллаев 1922 йил Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. 1960-1964 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. милиция генерал-майори Муйин Сирожевич Норов 1926 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, 1964-1972 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. милиция полковниги Ёдгор Қодирович Ахмедов 1930 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, 1972-1973 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. ички хизмат полковниги Обидхон Ахмедов 1926 йилда Наманган шаҳрида туғилган, 1973-1985 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. милиция полковниги Тохир Юсупович Махкамов 1940 йилда Тошкент вилояти Юнусобод туманида туғилган, 1985-1990 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. милиция полковниги Дамир Шокирович Мардонов 1938 йилда Татаристон АССР Кумкор шаҳрида туғилган, 1990-1992 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. милиция полковниги Алишер Аминжонович Шарипов 1950 йилда Шеробод туманида туғилган, 1992-1994 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. милиция полковниги Қодирқул Бобоқулов 1945 йилда самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган, 1994-2000 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. полковник Бахром Музаффарович Алимов 1956 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, 2000-2002 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. полковник Музравжон Жабборов 1956 йилда Самарқанд туманида туғилган, 2002-2009 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. полковник Талат Субханович Саттаров 1955 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, 2009-2010 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. полковник Нодир Азизович Қурбонов 1961 йилда Бухоро вилояти Жондор туманида туғилган, 2010-2013 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. полковник Жасурбек Рустамович Атаев 1977 йилда Хива туманида туғилган, 2013-2017 йилларда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган. Подполковник Шухратжон Сатволдиев Хошимович 1970 йилда Андижон вилояти Марҳамат туманида туғилган, 2017 йил май ойидан ҳозирга қадар Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келмоқда.





Сайт материалларидан фойдаланганда Сурхондарё
вилояти Ички Ишлар веб сайтига манба
сифатида кўрсатилиши шарт.

Обуна бўлиш

Сайт янгиликларидан биринчи бўлиб хабардор бўлишни истасангиз сайт янгиликларига обуна бўлинг